Ҳафтасига 5 кун ишловчи ўзбекистонликлар Хотин-қизлар байрами муносабати билан кетма-кет 3 кун — 8, 9 ва 10 март кунларида дам олади. 6 кун ишлайдиганлар эса 10 мартда ишга чиқади.
Президент Администрацияси шўъба мудири Саида Мирзиёева Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан аёлларни табриклади. У хотин-қизлар зўравонлик, зарарли стереотиплар ва камситувчи муомала объекти бўлмаслигини таъкидлади. «Улар табиий равишда жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлсин, дейман» — деди у.
Тошкент фотосуратлар уйида «Ўзбекистон хотин-қизлари таълим соҳасида» мавзусида кўргазма очилди. Унда ўзбек хотин-қизлари акс этган 200 дан зиёд фотосурат намойишга қўйилган бўлиб, улар орасида илк бор жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинаётган ўнлаб кадрлар бор. Кўргазма 11 мартгача давом этади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида аёлларни ушбу байрам билан табриклади. «Оилада бир нафар қиз ўқиб, олий маълумотга, замонавий касб-ҳунарга эга бўлса, хонадондаги муҳит бутунлай ўзгаради», — деди у ўз нутқида.
Туркманистонда президент номидан 8 март совғаси сифатида хотин-қизларга 60 манатдан пул берилади. Бу давлат курси бўйича 17 доллар, «қора бозор»да эса 3 доллар дегани. Боғча тарбияланувчиларига биринчилардан бўлиб президент совғасини топшириш бошланган.
Пойтахт аҳолиси хотин-қизларни байрам билан қандай табриклаётгани ҳақида «Газета.uz» фотомухбири Мадина Аъзам фоторепортажида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг